Muhammad Yusuf:
Otayotgan Asrga
Эски Аср, эшигингни ёпмай тур энди,
Етар шунча югурганинг, чопмай тур энди.
Айт-чи, яна бут бўлгайми синган қаламлар,
Яна қачон қайтар юртга Ғафур Ғуломлар?..
Отам кўриб, мен кўргандим ҳовучлаб жонни,
Менинг болам кўрадими Шукур Бурҳонни?..
Кунинг битиб, сен ортингга қайтмай кетябсан.
Чўлпонларнинг қабри қайда? – айтмай кетябсан.
Кетар чоғинг айт-да ахир, сен бизга қараб,
Улуғларин улуғлаган миллатга шараф!
Йўқса бизлар буюкларнинг қадрин билмаймиз,
Бир амаллаб ўлдирволиб, кейин йиғлаймиз!..
Urush Bo’lmasin
Дунё-дунё бўлиб яралди қачон,
Ҳаёт оҳанглари таралди қачон.
Зулмат ёруғликни кўролди қачон…
Нима бўлса бўлсин, уруш бўлмасин.
Баҳор келганини билмасам майли,
Қирларда лолалар термасам майли.
Майли, хандон кулиб юрмасам майли,
Нима бўлса бўлсин, уруш бўлмасин.
Балки умрим узун, балки қисқадир,
Майли, билмай ҳузур, ҳаловат надир.
Майли, меҳнат қилсам – топмасам қадр,
Нима бўлса бўлсин, уруш бўлмасин.
Наҳот ғаним билса одам одамни,
Куйдириб кул қилса ёруғ оламни?
Мен кимга ишондим азиз боламни –
Нима бўлса бўлсин, уруш бўлмасин.
Muxabbatim
Муҳаббатим, қайдасан қалб ардоғим,
Жайронкўзим, қирларда қолган оҳум.
Қўлим тегмай тўкилган қизғалдоғим,
Энди сени излаб қайдан топарман…
Келар бўлсанг йўлингга гул тўшардим,
Сен Лайлига, мен Мажнунга ўхшардим,
Бу дунёда ҳижрон йўқ деб яшардим,
Энди сени излаб қайдан топарман…
Тушларимда йиғларсан гоҳ бағри қон,
Оҳларингдан дуд чиқиб осмон-осмон,
Менга сену сенга мен бўлдик армон,
Энди сени излаб қайдан топарман…
Ketib Qoldim
Кетдим уйдан, кўнмай қийнов-қистовга,
Дедим: – Она, айтиб қўйинг ановга.
Момосини кўрсатаман агар у
Мен йўғимда тегиб кетса бировга…
Нима қилсам шеър ишқида қилдим мен,
Шеъримни деб йиғладим мен, кулдим мен.
Орзуларим осмон қадар бўлса ҳам,
Мендан шоир чиқмас экан, билдим мен.
Билдим, илҳом излаб шому саҳардан,
Шеър азоби ёмон экан заҳардан.
Юрагингда бўлмаса гар шоирлик,
Наф йўқ экан ҳар қанақа шаҳардан.
Аммо уйга қайтай десам, биз қолиб,
Гулдай қизин қучоғига муз солиб,
Тишларини қайраб бугун қишлоқда,
Қўшним турар қўштиғига туз солиб…
Момосини кўрсатаман келса деб.
Osmon cho’kib qoldi
Осмон чўкиб қолди бу оқшом,
Юлдуз бўлиб ёғилди бир сас.
Бир маҳалла нигоҳни кўрдим:
Яшаш керак, севиш шарт эмас.
Садоқатми?
Кимга керак у?..
Беҳудадир кўз ёшнинг сели.
Юлдуз бўлиб ёғилди бир сас:
У бегона. У энди келин…
Тўй бу асли баджаҳл ота,
Бахтли бўлсин қизим, дегани.
Уни сенга бермасман, бўтам,
Тирик экан кўзим, дегани.
Осмон чўкиб қолди бу оқшом,
Қонимда бир ғашлик ўрмалар.
Мен оловга отарман энди,
Юрагимни қийма-қиймалаб…
Ёқа ушлаб қолсин кўрганлар,
Оловларга отгум уни, бас.
Ёниб кетсин чирсиллаб қалбим,
Севиш керак… яшаш шарт эмас…
Qaramaydi qayrilib
Қарамайди қайрилиб бир бор –
Мен турибман остонада зор.
Ойни узиб берсанг ҳам менга,
Чиқмайман дер, ноз қилар дилдор.
Ўтинчларим беҳуда, зорим,
Илинжларим – ҳаммаси бекор.
Рашким келар, келади орим,
Чиқмайман дер, ноз қилар дилдор.
Тошойнага термулиб лекин,
Ўзи ўсма тортиб қошига,
Дугонаси ёнида, тағин
Тушиб кетар булоқ бошига.
Жимман, бироқ узолмам кўзим,
Кимларгадир қиламан ҳавас,
Келишмаган йигитман ўзим,
Сочларим ҳам жингалак эмас…
Uni taniysiz
Сиз уни танийсиз, танимай кўринг,
Тўхтатади ўзи ёқадан ушлаб,
Шеърлар ўқиб ташлар узундан-узун,
Мен шоирман дейди кўксига муштлаб…
Танимай кўринг-чи.
Курсида ўлтирар чойхонада ҳам,
Латифалар айтиб ҳиринглар,
Ошни бузибсан-у, акаси, майли,
Мен шоирман, дейди, қошиқ беринглар…
Сиқилиб кетади ҳар йил баҳорда,
Сайрга боради Шоҳимардонга.
Сигарет ҳидини таратиб бадбўй,
Ҳамзанинг кўзига босиб бемалол,
Мен шоирман дейди, келдим, кўриб қўй!..
Менинг қоним бунча қайноқ бўлмаса?
Иззатни билмадим алп давраларда.
Хафа қилиб қўйдим шундай “шоир”ни
Бир куни руҳимни сийлаб серзарда.
Тамом! Энди шеърим чиқмайди, она,
Кўз-кўз қилолмайсан елиб-югуриб.
Суюнчи сўрмайсан чўлоқ отамдан
Юпқа жилд китобим кўзингга суриб.
Аммо – осмон бунча чиройли бу тун!
Қарайман, қарайман, кўзим тўймайди.
Жимир-жимир қилган юлдузнинг бари –
Ҳаммаси синглимга ўхшайди!
Bir Kecha
Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,
Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.
Чўчиб турдим: сенга нима бўлди, эркам,
Нимага йиғлайсан, мен нима қилдим?
Ундай десам бўлмас, бундай десам кўнмас,
Чекдим. Чиқиб секин ҳовлини кездим.
Ҳамма юлдуз сўнди. Бир юлдуз сўнмас –
Кўзимга мўлтираб турар илк севгим.
Юлдузлар ҳам олис о, сен буюк ғам,
Бугун ўзинг йўқсан фақат ёнимда.
Ҳижрон куйин чалиб қон ўрнида ҳам
Армон айланади жони танимда.
Ўйлайман, ўйлайман, ўйларим узун,
Қўлим қисқа, севгим, бўйларим узун,
Энди сен менинг учун энг узун эртак,
Энди мени ёмон қийнар бу юрак!..
Чекаман. Тутунга тўлади хона,
Илк севгим мўралар тўрт бурчагидан.
Мен далли, юрагим мендан девона –
Ётмайман, деб йиғлар пар тўшагингда.
O’tinch
Фарғонамнинг паривашлари,
Эй, жонимнинг қариндошлари,
Бўйнингизга марварид бўлсин,
Маржон-маржон кўзим ёшлари!..
Муҳаббатдан айтишиб ўлан,
Қувалашиб ўчдик сиз билан.
Кетдим кейин булутдай кўчиб,
Қайтай энди қайси юз билан?..
Ёдимда соф туйғуларингиз,
Жаранглаган кулгуларингиз.
Ҳаётимда бўлмасангиз ҳам,
Ҳаёлимда юрдиларингиз.
Сиз мен учун ўша-ўша шўх,
Ўша-ўша эрка бўлдингиз.
Қўрғонимга келмасангиз ҳам,
Армонимга бека бўлдингиз.
Ўйин дедик бу ёруғ олам,
Ўйин қилдик муҳаббатни ҳам.
Қизлар, ўлан айтиб гоҳида,
Эслаб қўйинг Муҳаммадни ҳам.
OYMOMA
Оқшомлари қовундай юмалайди ой ерда.
Менга айтинг, қуёшнинг остонаси қаерда?
Тилинг борми, бўлса бир ҳайқириб бер, оймома.
Шу кўчада бир қиз бор, чақириб бер, Оймома!..
Ўрмалаб бор, мен учун эшигига бошинг ур.
Юзларига юзинг бос, қошларига қошинг сур.
Узрим айтгин юракдан, уни тавоф этарман.
Келаман деб ҳар кеча, келолмасам нетарман.
Қай кун йўқлаб боргандим, кўрмайин ҳол сўргандим.
Мен севишни тундаги сукунатдан ўргандим…
Мен учун ҳам ўзинг бир ҳайқириб бер, Оймома.
Сендан ойдин бир қиз бор, чақириб бер, Оймома.
KOKILING
Момом ўриб ўтган соч,
Ўсиб товон ўпган соч.
Ўсиб товон ўпганда,
Йиғлаб-йиғлаб кетган соч.
Кокилингни ким кесди, ёр?
Она урфдан ким тонар,
Бағри дилим ўртанар.
Тошга айтсам тўлғонар,
Сувга айтсам сув ёнар,
Кокилингни ким кесди, ёр?
Турмасмиди солланиб,
Елкангда турнақатор.
Кокилингни кесган ул
Қўлларингда қасдим бор,
Кокилингни ким кесди, ёр?
Кокилингни ким кесди, ёр,
Севгим йўлин тўсди ёр.
Менинг кўнглим чўктириб,
Кимнинг кўнгли ўсди ёр?!
Кокилингни ким кесди, ёр!
XAZIL
Менинг ҳақимдаги ғийбатлар ёлғон,
Ихтиёр ўзимда бўлса қанийди.
Шароб ичиш менга Хайёмдан қолган,
Ичмасан ул зотнинг кўнгли ранжийди.
Ўзим бошладимми, ўзим қилгум бас,
Дўстларим беҳуда заволим излар.
Агар қирққа кирмай ўлсам, май эмас,
Мен хароб этгай бевафо қизлар!..